Natijalar

Таклиф этилаётган усул ва ёндашувлар, лойиҳанинг бутун даври учун умумий иш режаси ва кутилаётган натижалар

  • Рақс оламининг сеҳрли жозибаси, чунончи, айиқполвоннинг қадам ташлаши, қуёнчанинг сакраши, отнинг юришига ўхшаб қадам ташлаш боланинг тасаввурини ривожлантиради. Бола дарс бошланишидан аввал ўз баданини қиздириб олиб, кейин ритмик машқларни бажаришга киришади. Бундай қиздириш машқлари хореография тилида “партер гимнастикаси” деб аталади. Замонавий партер гимнастикаси ўзида бир қатор элементларни қамраб олган бўлиб, “мостик-кўприкча”, “шпагат”, “шағам” машқлари қадимги йога гимнастикаси элементларидан олингани эътиборлидир.
  • Партер гимнастикаси бошдан охиригача полда бажарилиб, айрим машқларни бажаришда лента, копток, арқон ва бошқа ш.к. предметлардан фойдаланилади.
  • Дарсда мусиқавий ритмларни тўғри англаш учун мусиқий ўлчамларни ҳисоблаб, чапак ва оёқ зарбларидан фойдаланиш кўрсатиб берилади. Масалан, 4\4, 3\4, 2\4 каби оддий мусиқий ўлчамлар англаб олиниб, кейин полька, вальс ва марш жанрларига ўтилади.
  • Хореографик машғулотлар кўпинча хона деворларига ўрнатилган махсус жиҳоз — ускуна (станок) олдида бажарилади. Имконияти чекланган болалар учун ҳам ускуна олдида бажариладиган машқлар жуда муҳим. Чунки бундай машқларни амалий ва назарий жиҳатдан тўғри бажариш бола гавдасининг, мушак ва суякларининг тўғри ўсишини таъминлайди, қаддини расо қилиб, ўзига бўлган ишончни янада орттиради.
  • Имконияти чекланган болалар билан олиб бориладиган машғулотларда ўқитувчи рақс санъати тарихи, ривожланиш йўллари, санъатнинг бошқа турлари билан алоқаси ва ш.к. тўғрисида турли хил суҳбатлар олиб бориши уларда ўз Ватанига муҳаббат, ўз миллатидан ғурурланиш ва ифтихор туйғулари шаклланиб боради.

 

 

 

 

Лойиҳани амалга ошириш натижасида такомиллаштирилиши режалаштирилган янги маҳсулотлар

 

  • Юқоридагилардан маълум бўладики, хореография санъати орқали имконияти чекланган болаларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш муаммоси ҳозирга қадар махсус ўрганилмаган, бу борада бирор ўқув дастури ишлаб чиқилмаган, улар билан махсус шуғулланадиган мутахассислар тайёрланмаган. Кўринадики, мавжуд муаммони ҳал этиш учун бир қатор ишларни амалга ошириш зарур:
  • Имконияти чекланган болалар таҳсил оладиган инклюзив таълим мактабларида хореографик машғулотларда фойдаланишлари учун алоҳида электрон ўқув қўлланма яъни, мультимедиа маҳсулотини яратиш;
  • Ўзбекистон давлат хореография академияси қошида имконияти чекланган болалар билан ишлаш бўйича алоҳида таълим йўналиши очилиши ва махсус малакага эга бўлган ўқитувчи-педагоглар тайёрланиши керак;
  • Мазкур таълим йўналишида хореографик таълимдан ташқари психология, педагогика, сурдопедагогика, ногиронлар психологияси каби фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилиши зарур;
  • Мазкур таълим йўналиши талабалари учун дарслик, ўқув қўлланма ва фан дастурлари ишлаб чиқилиши лозим.